Дарахтларнинг оқ, бинафша, қизил гуллари ва табиатнинг ям-яшил кўклами ҳамда ҳавонинг илиқ нафаси ила Юртимизга баҳор кириб келди. Баҳорнинг энг шодиёна ва хурсандчиликларга бой ойи, бу март ойидир. Март ойининг илк хурсандчилиги албатта аёллар ва қизлар байрами билан бошланади, сўнг Наврўз байрами билан давом этади. Аёллар, қизлар – баҳор, бу сўзлар ўзаро уйғунликда акс этган. Баҳорда қизларнинг кулгулари, шўх-шодонлиги, қўшиқ айтиб рақсга тушишлари кўнгилга беихтиёр хурсандчилик улашади. Ана шундай юқори кайфият билан баҳорни илғор архивчи қизлар ҳам кутиб олишди.

         “Ўзархив” агентлигининг 2019 йил 26 февралдаги 3-АФ-сон фармойиши билан ташкил этилган “Балли қизлар” беллашуви 2019 йил 13 март куни Ўзбекистон Республикаси Кинофотофоно ҳужжатлари марказий давлат архивида бўлиб ўтди. Беллашув Агентлик тизимидаги архив муассасалари ходималарининг ҳуқуқий ва шахсий маданиятини юксалтириш, ҳуқуқий онгини ҳамда соҳага оид билимларини ошириш, фаол иштирок этган, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилди.

        Унда ҳудудлардан ташриф буюрган архивчи ходималар билан бирга Тошкент шаҳар Архив иши ҳудудий бошқармаси тизимидаги Тошкент шаҳар давлат архиви ходимаси ҳам иштирок этди. Беллашувда “Илғор архивчи қизлар” Низомга мувофиқ тўртта шарт асосида ўз истеъдодларини намойиш этдилар. Бу шартлар асосида беллашувда иштирок этган “Ҳужжатларни муҳофаза қилишни таъминлаш бўлими” 1-тоифали архивчиси Жўраева Севара Бахтиёр қизи ўзининг истеъдоди, зукколиги ва ажойиб рақслари билан иштирокчилар ўртасида алоҳида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлди. Шу боис, Жўраева Севара Бахтиёр қизи Агентликнинг “Замонавий архивчи” номинациясига созовор бўлиб фахрий ёрлиқ, шунингдек, Тошкент шаҳар Архив иши ҳудудий бошқармаси ҳамда унинг тизимидаги Тошкент шаҳар давлат архиви касаба уюшмаси томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Биринчи шарт асосида иштирокчилар томонидан тақдим этилган “Архив соҳасини ривожлантириш бўйича инновацион ғоя ёки таклифлар” нафақат ҳудудлардаги архивларда, балки Республикамизнинг барча архивларида ҳам бу соҳани ривожлантиришга асос бўла олиши ва катта аҳамият касб этиши ҳақида ҳакамлар ҳайъати алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Беллашув қизғин, аъло кайфиятда ва юқори савияда ўтди.