Бугунги кунда Республикамиз раҳбарияти, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ходимларнинг меҳнати муҳофазаси, уларга яратилган меҳнат шароитларига эътибор йил сайин кучайиб бормоқда.

     Давлат томонидан республикамизда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш, бу борада вазирликлар, идоралар ва бошқа бошқарув органларининг меҳнат муҳофазаси бўйича олиб бораётган ишлари мувофиқлаштирилиб борилаётган бўлса, касаба уюшмалари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги ва “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунлари, шунингдек, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига корхона ва ташкилотларда риоя қилиниши устидан жамоат назоратини олиб боришда бир неча йўналишлар бўйича фаолият олиб борилмоқда.

     Тошкент шаҳар Архив иши бошқармаси бошлиғи Ю.Ш.Камолов ва унинг тизимидаги архив муассасалари, яъни Тошкент шаҳар давлат архиви директори Ф.Ш.Дадаева, Тошкент шаҳар Идоралараро шахсий таркиб ҳужжатлари марказий архиви директори Р.А.Абдикулов, бўлим бошлиқлари ҳамда ходимлари иштирокида 2019 йил 19 февралда Тошкент шаҳар давлат архивида ўтказилган Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизматлари ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент шаҳар бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси раиси Х.С.Шарипов билан бўлган учрашувида ҳам айнан шу масалалар хусусида сўз юритилди.

     Суҳбат чоғида, Тошкент шаҳар Архив иши бошқармаси ва унинг тизимидаги архив муассасалари Касаба уюшмасининг янги раисини ва таркибини сайлаш, архив ходимлари меҳнатининг соғлом ва хавфсиз шароитларини таъминлаш бўйича ишларни ташкил қилиш, уни такомиллаштириш ҳамда Жамоа шартномасининг ўтган йилдаги ижроси ва янги муддатга тузиладиган жамоа шартнома лойиҳасини муҳокама қилиш бўйича фикр алмашилди.

     Шу билан бирга, Тошкент шаҳар Архив иши ҳудудий бошқармаси ва унинг тизимидаги архив муассасаларида яхши иш шароитини яратилиши, архив ходимларини Республикамизнинг турли тарихий шаҳарларига имтиёзли равишда саёҳатга олиб бориш имконияти яратилаётганлиги, бу эса ўз ўрнида ходимларнинг кўтаринки кайфиятда бўлишларига хизмат қилиши;

     Касаба уюшмаси ташкилотининг ташаббуси ва маблағлари хисобига турли байрамлар, маънавий-маърифий ва спорт соғломлаштириш тадбирларининг ўтказилишига имконият яратилиши ва шу орқали жамоада доимий соғлом муҳит барқарорлигини таъминлашга эришиш мумкинлиги;

     Ходимларнинг иш ҳақининг 1 фоизи миқдоридаги касаба уюшмасига аъзолик бадалларининг 60 ёки 70 фоизи корхонадаги касаба уюшмаси ташкилоти ихтиёрида қолдирилиши ва ушбу маблағ ходимларни ижтимоий қўллаб-қуватлаш (жумладан моддий ёрдам), режали тадбирлар ўтказиш, имтиёзли равишда йўлланмалар олиш каби мақсадларга йўналтирилганлиги;

     Касаба уюшмасининг энг муҳим афзаллиги – агар ходим касаба уюшмасига аъзо бўлса, муаммоларини якка ўзи эмас, балки жамоа ёрдамида ҳал қилиш имкониятига эга бўлишлиги;

     Ходим касаба уюшмалари тизимидаги санаториялардан бирида имтиёзли равишда дам олиши ва ўз саломатлигини тиклашидан ташқари, оила аъзолари (ота-онаси, турмуш ўртоғи ёки фарзандлари)нинг ҳам санаторияларда имтиёзли йўлланмалар асосида ўз саломатликларини тиклашларини ташкил қилиш мумкинлиги;                        

     Ҳар йили турли йўналишларда ташкил этиладиган кўрик-танлов, мусобақа, форумларда қатнашиш, театр ва концертларга имтиёзли чипталарни олиш имконияти яратилганлиги;

     Муассасада зарарли ишлаб чиқариш омилларининг таъсирини камайтириш ҳамда иш жараёнидаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олиш мақсадида иш жойлари шароитларини назоратга олиш;

     Санитария-маиший хоналар ва қурилмалар ҳолатининг санитария-гигена талабларига жавоб бериши;

     Иш жойларининг хавфсизлик техникаси бўйича йўриқномалар билан жиҳозланиши, ходимларнинг меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқлардан ўз вақтида ўтказилиши, белгиланган тартибда хавф-хатарсиз иш усулларига ўқитилиши ва меҳнат муҳофазаси соҳасидаги билимларининг масъул шахслар томонидан текшириб борилиши;

     Меҳнат шароитлари ва хавфли ишлаб чиқаришларда, шунингдек ўта нохуш ҳароратли ёки ифлосланишлар билан боғлиқ шароитларда бажариладиган ишларда меҳнат қилувчиларга белгиланган меъёрларга мос равишда сифатли махсус кийим, пойабзал ва бошқа шахсий ҳимоя воситалари, ювиш ва дезинфекциялаш воситалари, сут ёки унга тенглашадиган бошқа озиқ-овқат маҳсулотларининг бепул берилиши лозимлиги кабилар хусусида сўз юритилди. Умуман олганда шуни айтиш мумкинки, касаба уюшмалари ўз аъзолари ва фаол иштирокчилари ҳаётини янада мазмунли ўтиши учун беминнат хизмат қилиши ҳақида таъкидлаб ўтилди. Суҳбат чоғида архив ходимлари ўзларини қизиқтирган барча саволларига атрофлича жавоб олдилар. Учрашув якунида ходимларнинг талабига кўра бундай учрашувлар яна тез-тез ўтказилиб турилиши ҳақида таъкидлаб ўтилди. 

 

Тошкент шаҳар Архив иши бошқармаси бошлиғи Ю.Ш.Камолов