Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги ПФ-5711-сон фармони ҳамда  2019 йил 23 апрелдаги “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4298-сон қарорида Тошкент шаҳрида архив ҳужжатлари ва фотокўргазмаларини ўтказиш белгиланган. Мазкур фармон ва қарор ижросини таъминлаш борасида иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, ногиронлари ҳамда фахрийларига алоҳида ғамхўрлик кўрсатилмоқда.

Инсон, миллат ва халқ тарихий хотира туйғуси билан барҳаётдир. Хотира – кечаги ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи – муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради.

Қадр – инсонни юксакликка кўтаради, унинг фаолиятига, орзу-интилишларига, мақсад-маслакларига олижаноблик бағишлайди.

Биз азал-азалдан тинчликсевар халқмиз. Айнан шу ғоя тарғибига бағишланган буюк миллий маънавий меросимиз бор. Уларнинг барида тинчликнинг қадрига етиш тарғиб этилади, уруш эса батамом қораланади.

Мамлакатимизда 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва Қадрлаш куни ўтказилиши, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганларнинг хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафларимизда туриб Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 74 йиллиги нишонланиши муносабати билан жойларда бир қанча тадбирлар ўтказилмоқда.

“Ўзархив” агентлиги ва унинг тизимидаги Тошкент шаҳар архив иши ҳудудий бошқармаси Тошкент шаҳар ҳокимияти билан ҳамкорликда 8-9 май кунлари Тошкент шаҳар “Халқлар дўстлиги” майдонида “Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият” шиори асосида тадбир ўтказилди. Тадбирда ҳокимият томонидан 3х6 ҳажмдаги 8 та монитор ўрнатилиб, “Ўзархив” агентлиги логотипи туширилган ҳужжатли фильмлар, “Истиқлол” санъат саройи қаршисида ўрнатилган йирик мониторда “Сен етим эмассан” бадиий фильми, катта байроқ атрофида куну-тун давомида фотосуратлар ва майдон марказида қимматли ҳужжатлар намойиши ўтказилди. 9 май кундузи тадбирга Холида Шомаҳмудова (Ольга - молдован) ташриф буюриб, оилавий монументни зиёрат қилиб кетди.

Тадбирда, Иккинчи жаҳон уруши даврига оид 1 та бадиий фильм, 6 та ҳужжатли фильмлар, 100 дан ортиқ фотосуратлар, 40 дан ортиқ қимматли ҳужжатлар йиғма жилди ва газеталар намойиш қилинди. Унда 100 мингдан зиёд республикамиз ва шаҳримиз фуқаролари ҳамда чет элдан ташриф буюрган меҳмонлар иштирок этишди. 9 май куни соат 21:00 да байрам салютининг отилиши тадбирни янада қизиқарли ўтишига сабаб бўлиб, халқимиз хурсанчилигининг янада ошишига туртки бўлди.